ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ПҚ-4068-СОНЛИ ҚАРОРИ

МОДДИЙ МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ ФАОЛИЯТНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги ҳисобланадиган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасида мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига, «Бойсун маданий муҳити», «Шашмақом мусиқаси», «Наврўз», «Катта ашула», «Аския», «Палов маданияти ва анъаналари» номзодлари Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари Жаҳон хотираси рўйхатига киритилгани юртимиз маданий меросининг дунё миқёсида эътироф этилганига ёрқин мисол бўла олади.
Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизими янада такомиллаштирилди, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.
Шу билан бирга, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш учун масъул органнинг ташкилий-штат тузилмаси соҳада давлат назоратини самарали ташкил этиш имконини бермаяпти.
Соҳада фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этишда фан ва инновацион технологиялар ютуқларидан самарали фойдаланмаслик натижасида лойиҳалаш, реставрация-тиклаш ишлари моддий маданий мерос объектларининг ноёблигини сақлаб қолишга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақалараро (минтақавий) давлат инспекциялари негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилсин.
Департаментнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
моддий маданий мерос, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, шунингдек улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;
тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасини, моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни олиб бориш;
алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ва жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган ҳудудларда шаҳарсозлик ва бошқа хўжалик фаолиятларини уларнинг тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда олиб борилишини мувофиқлаштириш;
археология ашёлари давлат каталогини юритиш, археология тадқиқотларини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя қилиниши, археология ашёларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва давлатга топширилишини назорат қилиш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш, шунингдек археология тадқиқотлари бўйича илмий ҳисоботларни қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш ва архивини йиғиш, археология ёдгорлигини концервациялаш ҳамда музейлаштириш;
миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш, музей ашёлари ва коллекцияларини музей фонди тасарруфидан чиқариш ёки бошқа музей фондига ўтказиш, маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар бериш, шунингдек давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган маданий бойликлар, жумладан, музей ашёлари ва коллекциялари, қадимий ёзма манбаларнинг бут сақланишини ва ҳисоби юритилишини текшириш, миллий архив фонди бундан мустасно;
олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, таъмиршуносликдаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларини ривожлантиришни, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;
моддий маданий мерос объектларини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларини, инновацион ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш, электрон хизматларни ривожлантириш;
халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, молиявий институтларнинг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги музейлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи идоралараро кенгаш ҳамда Маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Ҳукумат комиссияси тугатилсин, уларнинг вазифа ва функциялари Департаментга юклансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
а) Департамент юридик шахс ҳисобланади ва давлат муассасаси шаклида ташкил этилади;
б) Департамент бошлиғи лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
в) бош меъмор ва бош инспектор Департамент бошлиғининг ўринбосарлари ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
г) Департамент:
моддий маданий мерос, жумладан, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида махсус ваколатли муассаса ҳисобланади;
ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига моддий маданий мерос объектлари соҳасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади, меҳнатга оид муносабатлар бундан мустасно;
д) моддий маданий мерос объектларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва аҳоли пункларининг бош режалари Департамент билан келишилиши мажбурий ҳисобланади.
4. 2019 — 2021 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» (кейинги ўринларда — «Йўл харитаси») 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Б.С. Сайфуллаев):
Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Йўл харитаси»да назарда тутилган тегишли тадбирларни молиялаштириш манбалари ва миқдорларини белгилаш бўйича ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиб борсин;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда соҳага имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан тизимли ишлар олиб борсин.
6. Департамент қошида тарих, меъморчилик, моддий маданий мерос соҳасида илмий, амалий тажрибага эга бўлган 11 нафар олим ва юқори малакали мутахассислардан иборат Илмий-эксперт кенгаш тузилсин.
Белгилаб қўйилсинки:
Илмий-эксперт кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва унга Департамент бошлиғи раҳбарлик қилади;
Илмий-эксперт кенгаш аъзоларига давлат суд экспертлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар татбиқ этилади;
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳалар Департамент томонидан Илмий-эксперт кенгаш билан келишилади ва унинг хулосаси Департамент учун мажбурий ҳисобланади.
7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Молия вазирлигининг маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантириладиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Департаментнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
Департамент, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат музей қўриқхоналарига тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 90 фоиз миқдори, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
давлат мулки бўлган бошқа ташкилотларга тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 50 фоиз миқдори;
Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини тарихий-маданий экспертизасини ўтказишдан, шунингдек асрашга доир ишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси ва илмий-техник назоратини амалга оширишдан тушган маблағлар;
моддий маданий мерос объектида асрашга доир ишларни амалга ошириш ва маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар беришга тўланган йиғимлар;
моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги ҳамда моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлиги учун тўланадиган жарималар;
давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларига етказилган зарарни қоплаш бўйича маблағлар;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.
8. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари:
моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва асрашга доир ишларни амалга ошириш;
моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини, археология ашёлари ва миллий музей фондининг давлат каталогларини юритиш;
моддий маданий мерос объектларини илмий ва илмий-техник тадқиқ қилиш, археология объектларида қазишма ишларини олиб бориш, уларни кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш;
Департамент ва ҳудудий бошқармаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, электрон хизматларни ривожлантириш;
экспертларни, жумладан, хорижий мутахассисларни жалб этиш, Илмий-эксперт кенгаш аъзолари, Департамент ва ҳудудий бошқармаларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш;
қонун ҳужжатларида белгиланган Департамент фаолияти билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш учун сарфланади.
9. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ва Ўзбекистон Бадиий академиясининг:
Бухоро давлат бадиий-меъморий музей-қўриқхонаси, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Хива «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонасини тегишлича «Бухоро», «Самарқанд», «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхоналари этиб қайта номлаш;
Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тегишлича «Сармишсой», «Шаҳрисабз», «Термиз» ва «Қўқон» давлат музей-қўриқхоналарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади ҳамда уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Департамент ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилади;
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш тартибини белгилаш, ташриф буюрувчилар учун шароит яратиш билан боғлиқ масалалар мажбурий тартибда туризм соҳасида ваколатли давлат органи билан келишилади;
давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади;
археология қазишмалари табиий емирилиш, бошқа ҳаракат ва ҳолатлар хавфи остидаги ҳамда устувор илмий қимматга эга археология ёдгорликларида амалга оширилади ва уларнинг рўйхати Департамент томонидан эълон қилиб борилади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхати ҳар йили Департамент томонидан унинг ҳудудий бошқармалари таклифига асосан шакллантирилади;
моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишга ихтисослашган ташкилотларнинг рўйхати шакллантирилади ҳамда ушбу рўйхатдан танлов асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишларни амалга оширувчи ташкилотлар аниқланади;
фаол фуқаролар ихтиёрийлик ва танлов асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгашининг қарори билан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспектор этиб тасдиқланади, уларнинг қонун ҳужжатлари бузилишига оид мурожаатлари Департамент ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мажбурий тартибда давлат назорати шаклида текширилади, бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аниқланса, жамоатчи инспекторлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан пул мукофоти билан тақдирланади.
11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Б.С. Сайфуллаев):
2019 йилнинг 1 февралига қадар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишга ихтисослашган ташкилотларнинг рўйхатини шакллантирсин ҳамда унинг доимий янгиланиб боришини таъминласин;
2019 йилнинг 1 апрелига қадар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан биргаликда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига жамоатчи инспекторларни бириктириш чораларини кўрсин;
2019 йилнинг 1 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Madaniyat va Ma’rifat» телеканали Департаментнинг моддий маданий мерос объектларини илмий асосларда тарғиб этиш ва аудиовизуал асарларни тайёрлаш бўйича бош ахборот ҳамкори сифатида белгилансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш. Маҳмудовга — пухта танлов асосида Департаментни юқори малакали, ташаббускор, маданий мерос масалалари бўйича зарур билим ва амалий тажрибага эга кадрлар билан тўлдирилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаевга — «Йўл харитаси»ни амалга ошириш юзасидан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатилиши, Департамент фаолиятини самарали ташкил қилиш, мавжуд ташкилий-техник, молиявий, ҳуқуқий ва бошқа масалаларни ҳал этиш;
вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига — «Йўл харитаси»да назарда тутилган вазифаларнинг ижросини тўғри ташкиллаштирилиши ҳамда чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши чораларини кўриш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
Департамент фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини;
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарлари Б.М. Мавлонов, Ф.Ш. Маҳмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 19 декабрь,
ПҚ-4068-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 декабрдаги ПҚ-4068-сон қарорига 
1-ИЛОВА
2019 — 2021 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Тадбирлар номи

Бажариш муддати

Масъул ижрочилар

I. Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш

1.

Қуйидаги низомларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида;

Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларини белгилаш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисида;

Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисида;

Моддий маданий мерос объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тўғрисида.

2019 йил 1 февраль

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Фанлар академияси (Б. Юлдашев),

Молия вазирлиги (А. Хайдаров),

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А. Аккулов),
Адлия вазирлиги (Р. Давлетов),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларнинг иш ҳақини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.

2019 йил 1 февраль

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Молия вазирлиги (А. Хайдаров),
манфаатдор вазирлик ва идоралар

3.

Қуйидагиларни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда қонунда белгиланган тартибда судга юбориш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳамда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш бўйича жавобгарликни кучайтириш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш фаолиятини лицензиялаш.

2019 йил 1 апрель

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Адлия вазирлиги (Р. Давлетов),

Олий суд (К. Камилов),

Бош прокуратура (С. Саидкаримов),

Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов),

манфаатдор вазирлик ва идоралар

4.

Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тегишлича «Сармишсой», «Шаҳрисабз», «Термиз» ва «Қўқон» давлат музей-қўриқхоналарининг фаолиятини ташкил этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2019 йил 1 апрель

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Молия вазирлиги (А. Хайдаров),
манфаатдор вазирлик ва идоралар

5.

Археологик тадқиқотларни олиб борган мутахассисларга «дала харажатлари»ни қоплаб бориш ва археологик тадқиқотларга жалб қилинган ёлланма ишчиларга иш ҳақи тўлаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2019 йил 1 сентябрь

Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Молия вазирлиги (А. Хайдаров),
манфаатдор вазирлик ва идоралар

6.

Тарихий шаҳарларда ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик, йўлсозлик ва бошқа ишлар учун ер участкаларини танлаш ва ажратиш ҳужжатларини тайёрлашда археологик тадқиқотлар олиб бориш билан боғлиқ харажатларни тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларида инобатга олишни назарда тутган ҳолда шаҳарсозлик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш.

2019 йил 1 ноябрь

Қурилиш вазирлиги (А. Тўхтаев),
Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев)

II. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланишда инновацион технологияларни ривожлантириш

7.

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларининг алоҳида муҳим тарихий-маданий қисмлари ва бадиий безаклари сақланишини экспертизадан ўтказиш, уларни тўлиқ фотофиксация ва идентификациялаш.

2019-2020 йиллар

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Фанлар академияси (Б. Юлдашев)

8.

Қуйидагиларни:

археология ашёларининг давлат каталогини электрон шаклда жорий этиш;

республика бўйича 50та энг муҳим археология ёдгорликларининг инновацион технологиялар асосида 3D моделини яратиш;

сўнгги 30 йил давомида ўтказилган археология тадқиқотлари давомида топилган археология ашёларининг ҳужжатлаштирилиши, ишончли сақланиши ва муҳофаза қилиниши ҳолатини малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда текшириш ҳамда археология ашёлари давлат каталогига киритиш.

2020 йил 1 ноябрь

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
манфаатдор вазирлик ва идоралар

III. Моддий маданий мерос соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва тарғибот ишларини кенгайтириш

9.

Олий таълим муассасаларининг тарих ва археология таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалар учун малакавий археологик амалиёт ўташ тизимини жорий этиш.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов),
Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев)

10.

Тарихий шаҳарларда олиб борилаётган археологик тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, бу борада комплекс экспедициялар ташкил этиш.

Республикада олиб борилаётган археологик тадқиқотларга хорижий мутахассисларни жалб этиш, ҳамкорликда илмий-амалий лойиҳалар тайёрлаш, экспедициялар ташкил этиш.

2019 — 2021 йиллар

Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов),

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А. Аккулов),
манфаатдор вазирлик ва идоралар

11.

18апрель–Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш халқаро куни арафасида турли тадбирлар ва республика кўрик-танловларини ўтказиш ҳамда ғолибларни муносиб тақдирлаш.

ҳар йили,
режа асосида

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

12.

Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгашига Ўзбекистон вакилларини аъзо бўлиши ва унинг Ўзбекистон миллий қўмитасини ташкил этиш, ҳар йили 100нафар фаол аъзоси ҳар бирининг 50фоизигача аъзолик бадалини Маданий мерос жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш.

Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг бошқарув режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

2019 йил 1 ноябрь

2020 йил 1 сентябрь

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
«Ўзархив» агентлиги (У. Аъламов),
Бадиий академия (А. Нуридинов),
Қурилиш вазирлиги (А. Тўхтаев),
Ташқи ишлар вазирлиги (А. Комилов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

13.

ЮНЕСКОнинг Жаҳон хотираси рўйхатига Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви фондларида сақланаётган алоҳида қимматли қадимий ва тарихий архив ҳужжатларини тавсия этиш.

2020 йил 1 март

«Ўзархив» агентлиги (У. Аъламов),
Ташқи ишлар вазирлиги (А. Комилов),
ЮНЕСКО ишлари бўйича
миллий комиссия

14.

Маданий меросни кенг тарғиб этиш мақсадида:

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан ҳар йили махсус ҳужжатли фильмлар тайёрлаш;

«Ўзбекистон моддий маданий меросининг кўчмас мулк объектлари» энциклопедиясини нашр этиш, шу жумладан, уни электрон шаклни яратиш;

Интернет тармоқларида (Wikipedia, Youtube, Facebook, Twitter ва бошқалар) моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тўғрисида илмий асосланган маълумотларни, фото ва видео лавҳаларини жойлаштириш.

Режа асосида

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Туризмни ривожлантириш
давлат қўмитаси (А. Аккулов),
«Ўзбеккино» МА (Ф. Зокиров),
«Ўзархив» агентлиги (У. Аъламов),
Миллий телерадиокомпания (А. Хаджаев),
Бадиий академия (А. Нуридинов),
Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
Ташқи ишлар вазирлиги (А. Комилов),
манфаатдор вазирликлар ва идоралар

15.

Қуйидагиларни тайёрлаш ва нашр этиш:

республика ҳудудлари кесимида археология ёдгорликлари каталогини;

янги археологик кашфиётларга асосланган ҳолда тарихий шаҳарлар, археология мероси объектларига бағишланган фундаментал монографиялар ва илмий-оммабоп рисолалар;

дала тадқиқотлари натижаларига бағишланган «Ўзбекистон археологик тадқиқотлари» даврий тўплами;

Ўзбекистон археология харитаси;

археология йўналиши бўйича бакалавриат ва магистратура талабалари учун «Ўзбекистон археологияси», «Археологик дала қазув тадқиқот методикаси» каби адабиётлар.

2019 — 2021 йиллар

Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов),
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

16.

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан тайёрланаётган «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» халқаро мультимедиа лойиҳаси доирасида:

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Туркия, Франция, Чехия ва Япониядаги тўпламлар асосида кўп жилдлик китоб-альбомларни нашр қилиш;

Ўзбекистонинг хориждаги маданий мероси ҳақида ҳужжатли фильмлар яратиш ва уларни намойиш этиш;

хорижий студиялар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг бебаҳо маданий мероси, шунингдек Шарқ олимларининг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳужжатли фильмлар яратиш ва уларни хорижий телеканаллар орқали намойиш этиш.

2019 — 2021 йиллар

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (Ф. Абдухаликов),
Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази (Р. Баҳодиров),
Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
Ташқи ишлар вазирлиги (А. Комилов),
манфаатдор вазирликлар ва идоралар

17.

Моддий маданий мерос соҳасида халқаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш мақсадида Маданият вазирлигининг буюртманомаларига мувофиқ:

хориждан жалб этиладиган мутахассисларга (экспертларга) кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминлаш;

жалб қилинаётган чет эл мутахассисларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек уларни вақтинча прописка қилиш, турган жойи бўйича ҳисобга олиш ҳамда уларнинг узайтирилишини таъминлаш.

2019 — 2021 йиллар

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Ташқи ишлар вазирлиги (А. Комилов),
Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов)

IV. Археология ёдгорликларини асраш ва археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш

18.

Қуйидаги объектларда археология тадқиқотларини ўтказиш:

Қорақалпоғистон Республикасидаги Миздахкан, Акшаханқалъа;

Бухоро вилоятидаги Вардонзе;

Қашқадарё вилоятидаги Хонтепа;

Навоий вилоятидаги Киндик тепа;

Самарқанд ва Навоий вилоятларида қоятош суратлари тадқиқоти;

Самарқанд вилоятидаги Кофирқалъа, Қўйтепа;

Сирдарё вилоятидаги Эски Хавос;

Сурхондарё вилоятидаги Работ-I, Работ-II, Эски Термиз, Зартепа, Бургуттепа ва Будрач;

Тошкент вилоятидаги Қўлбулоқ, Қирқбўрон ёдгорликлари.

Ўзбекистон Миллий университети томонидан Қашқадарё вилоятидаги Шуллуктепа, Қалъаи-Захоки Марон ёдгорликларида ҳамда Самарқанд давлат университети томонидан Зарафшон воҳаси тош даври жамоаларига тегишли (Созоғон маданияти ёдгорликлари, Чорбақти мезолит-неолит ёдгорликлари) ёдгорликлардаархеология тадқиқотларини олиб бориш.

Ўрта ва Қуйи Зарафшон воҳаси, Қизилқумда тош даври, бронза асри ёдгорликлари бўйича археологик қидирув ишларини амалга ошириш.

2019 — 2021 йиллар

Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов),
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар
ҳокимликлари

19.

Қуйидаги археология ёдгорликларини консервациялаш ва музейлаштириш:

Қорақалпоғистон Республикасидаги Акшахан қалъа;

Андижон вилоятидаги Мингтепа ва Қўштепа;

Бухоро вилоятидаги Пойкент;

Жиззах вилоятидаги Калиятепа;

Қашқадарё вилоятидаги Ерқўрғон;

Навоий вилоятидаги Нурота қалъаси;

Наманган вилоятидаги Қадимги Поп;

Самарқанд шаҳридаги Афросиёб;

Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепа ва Кампиртепа;

Тошкент вилоятидаги Канка;

Тошкент шаҳридаги Чилонзор Оқтепаси;

Фарғона вилоятидаги Қува шаҳристони;

Хоразм вилоятидаги Хумбузтепа.

2019 — 2021 йиллар

Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),

Фанлар академияси (Б. Юлдашев),

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов),
Молия вазирлиги (А. Хайдаров), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

20.

Археология тадқиқотлари олиб бораётган қуйидаги муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан археологик топилмаларни сақлаш, тадқиқ қилиш ва дастлабки консервация қилиш бўйича зарур чоралар кўриш:

Қорақалпоғистон Республикаси Фанлар академияси;

Археологик тадқиқотлар институти;

Қашқадарё вилоятида археология-экспедиция базасини тиклаш;

Мингтепа (Андижон) археология экспедицияси моддий-техник базасини шакллантириш;

Фанлар академиясининг Санъатшунослик институти;

Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги археология-экспедиция базасини тиклаш;

Халқаро маданият карвонсаройининг таъмирлаш лабораториясини махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш.

2019 — 2021 йиллар

Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов),
Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Молия вазирлиги (А. Хайдаров),
Бадиий академия (А. Нуридинов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

21.

Археология тадқиқотларини олиб бораётган муассасалар томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда археологик ашёларни (сопол буюмлар, бронза ва темирдан ишланган предметлар, матолар, суяк қуролларни) консервациялаш ва тиклаш.

2019 — 2021 йиллар

Фанлар академияси (Б. Юлдашев),
Маданият вазирлиги (Б. Сайфуллаев),
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И. Маджидов)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 декабрдаги ПҚ-4068-сон қарорига 
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида»ги 2017 йил 18 январдаги ПҚ-2731-сон қарорининг 5-бандидаги «аҳолининг маданият ва дам олиш марказларидаги» сўзлари «маданият марказлари» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 2017 йил 15 февралдаги ПҚ-2778-сон қарорининг рус тилидаги матнида:
«Главное научно-производственное управление по охране и использованию объектов культурного наследия и его межрегиональные инспекции» блоки «Департамент культурного наследия и его региональные управления» блоки билан алмаштирилсин;
«Центры культуры и досуга населения» блоки «Центры культуры» блоки билан алмаштирилсин;
б) 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«
Предельная численность управленческого персонала — 58 ед.».
«Заведующий отделом — директор районного (городского) центра культуры и досуга населения» блоки «Заведующий отделом — директор районного (городского) центра культуры» блоки билан алмаштирилсин;
«Центры культуры и досуга населения (их филиалы) 5 — 14 ед.» блоки «Центры культуры (их филиалы) 5 — 14 ед.» блоки билан алмаштирилсин;
г) 7-илованинг «Отдел научно-методического обеспечения деятельности музеев, парков культуры и отдыха, центров культуры и досуга населения» блокидан «и досуга населения» сўзлари чиқариб ташлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3022-сон қарори 1-бандининг тўртинчи хатбошисидаги «маданият ва аҳоли дам олиш масканлари» сўзлари «маданият марказлари» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 1 августдаги ПҚ-3892-сон қарори 6-бандининг иккинчи хатбошисидаги «маданият ва аҳоли дам олиш марказлари» сўзлари «маданият марказлари» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.12.2018 й., 07/18/4068/2349-сон)

Post Author: admin