ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ МЕРОСЛАРНИНГ ЎРНИ

ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ МЕРОСЛАРНИНГ ЎРНИ

(Мингтепа археология  ёдгорлиги ва зиёратгоҳлар мисолида)

Туризм соҳаси бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган соҳалардан биридир. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу соҳа учун қабул қилинаётган қатор қарор ва фармонлар туризмни ривожлантириш ва кенгайтириш имкониятларини яратмоқда. Ўзбекистон Президентининг  “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги  2017 йил 16 августдаги ПК-3217-сонли қарори, 2019 йил 18 июлда қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги ЎРҚ-549-сонли қонун ва бошқа бир қанча қонун ва фармонлар  туризм соҳасида янги тушунчалар киритди ва бу соҳада давлат сиёсатининг принциплари ва йўналишлари белгиланди.  Жами 86 та давлат фуқароларига виза режими бекор қилинди, электрон виза олишга имкониятлар яратилди. Қўшимча “Ватандош”, “Талаба”, “ Академик”, “Зиёратчи”, “Тиббиёт” виза турлари жорий этилди [12].

Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан бири ички туризмни жадал ривожлантириш, халқимизни юртимиздаги тарихий-маданий меросларини ва табиий бойликлари билан таништириш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу дастур асосида ватанимизда мавжуд бўлган туристик масканларга қизиқиш ва эътибор кучайди.

Ўзбекистонда туризм соҳасини инновацион ривожлантириш мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашга, бақувват туристик тармоқ яратишга, аҳоли турмуш даражасини оширишга, тарихий ва маданий ёдгорликларни сақлаб қолишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти даражасини ва жамиятнинг маънавий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Бу эса Республикамизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ва аҳолининг бандлигини таъминлашга имкон яратади. Чунки мазкур соҳа вакилари сайёҳларга хизмат кўрсатиш, бўш иш ўринлари яратиш, чет эл валютаси кириб келишини кўпайтириш, туризм тармоқларига даромадлар олиш бўйича бир қанча омилларни ҳаракатга келтиради.

Туризм соҳасини ривожлантиришда сайёҳларни ўзига жалб эта оладиган, қизиқтира оладиган муҳим обьектлар бўлиши лозим. Бунинг учун маълум бир ҳудуд ўзининг туристик ресурсларига эга бўлиши ва улардан тўғри фойдаланиш керак. Республикамизнинг турли жойларида туризмнинг турли йўналишларини ривожлантириш имкониятлари мавжуд. Жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида тарих туризми йўналиши ривожланган бўлса, Жиззах, Сурхондарё, Наманган ва Сирдарё вилоятларида эко ва тиббиёт туризми шаклланган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Андижон вилояти ҳам ўзига хос жиҳатлари билан туризмнинг турли йўналишлари ташкил топаётган ва ривожланаётган вилоятлар сафига қўшилмоқда. Хонобод шаҳри, Хўжаобод, Булоқбоши туманларида туризмни ривожлантириш учун бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, вилоятда тарих ва зиёрат туризми соҳалари ривожланмоқда. Маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини жалб қилаётган ва қизиқишларига сабаб бўлаётган масканлардан бири – тарих туризми учун хизмат қилувчи Марҳамат туманида жойлашган Мингтепа археология ёдгорлигидир.

Дунёда буюк ва қадимий тарихини ёритувчи масканларга эга давлатлар бармоқ билан санарли. Ўзбекистонимиз ҳам шундай бой меросга эга давлатлар сирасига киради. Андижон вилоятида жойлашган Мингтепа археология ёдгорлиги ҳам ватанимиз тарихини бойитувчи, дунё тамаддунининг бешикларидан бири, шу билан бирга тарих туризмини ривожлантириш учун қайноқ нуқтага айлана оладиган жой дея эътироф этилаётган муқаддас масканлардан ҳисобланади. Шунингдек, ушбу тарихий шаҳар Буюк ипак йўлининг “Қашқар-Фарғона”  йўналишида жойлашган бўлиб, узоқ вақт Шарқ ва Ғарб давлатларини савдо, иқтисодий, маънавий ва сиёсий жиҳатдан боғлаб турувчи кўприк вазифасини ўтаганлиги билан ҳам муҳимдир [7].

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили (Literature review): Мингтепа археология ёдгорлиги Андижон шаҳри марказидан 38 км. узоқликда, ҳозирги Марҳамат туманининг марказида жойлашган. Мингтепа тарихий манбаларда ёритилишича, қадимий Давань (Паркана, Дай-юан) [11] давлатининг маркази, яъни бош шаҳри бўлган. Қадимги Давань давлати тарихи ҳақида илк маълумотларни хитой тилидаги манбалардан олишимиз мумкин. Хитой ёзма манбаларида тилга олинган Буюк ипак йўлида жойлашган бу маҳобатли шаҳар ўзининг ҳунармандчилиги, дехқончилиги ва “самовий тулпорлари” билан дунёга машҳур бўлган. Бу шаҳар харобаси ички ва ташқи шаҳар қисмларидан иборат бўлиб, ички қисм тахминан 41,2 гектар, ташқи шаҳар қисми 300 гектарга яқин майдонни эгаллаган антик давр ёдгорликларидан биридир. Мингтепа шаҳар харобаси машҳур археолог олимлар А.Н. Бернштам [5], Ю.А. Заднепровский, Б.Х. Матбобоевларнинг [9] изланишлари натижасида олинган хулосаларига биноан, қадимги Давань давлатининг  бош шаҳри Эрши шаҳри эканлиги аниқланди. Бу тарихий обидада археологлар, профессорлар М.Е. Массон 1939 йилда, А.Н. Бернштам 1946-1948 ва 1950-1952 йилларда, Ю.А. Заднепровский 1974 ва 1987 йилларда, Боқижон Матбобоев раҳбарлигида 1986-1987, 2002 йилларда қазишма ишлари олиб борилган. Айниқса, 2012 йилдан буён тарих фанлари доктори, профессор Боқижон Матбобоев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Самарқанд Археология институти ҳамда  Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий Фанлар академияси Археология институти археолог олимлари ҳамкорликда археологик дала тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Натижада қадимий шаҳардан жуда қимматли аҳамиятга эга топилмалар, моддий ашёлар топилди [8]. Бу топилмалар сайёҳларнинг қизиқишларини ва эътиборини жалб қила оладиган ноёб манбалардир.

Шунингдек, Мингтепанинг тарихий аҳамияти, туризм соҳасини ривожлантиришдаги ўрни ҳақида маҳаллий муаллифлардан тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний, О. Маҳмудовлар  томонидан ҳам илмий, оммабоп асарлар яратилган [10]. Мақола муаллифи томонидан эса “Мингтепа” илмий-оммабоп тўплами  нашрдан чиқарилган [14].

Андижон вилояти Марҳамат туманида жойлашган зиёратгоҳлар ҳақида “Ўзбекистон зиёратгоҳлари ва қадамжолари (Андижон ва Наманган вилоятлари)” китоби [13] ҳамда  мақола муаллифининг “Мингтепа зиёратгоҳлари ва қадамжолари” [15] китобларида маълумотлар мавжуд.

Тадқиқот методологияси (Research Metodhology): Ҳозирги кунда жадал ривожланиб бораётган туризм соҳаси учун Мингтепа археология ёдгорлиги ҳам ўзининг қадимийлиги, бетакрорлиги, тарихий аҳамияти билан сайёҳлар эътиборини жалб қилиб, туризмнинг қайноқ нуқтасига айлана олади.

Мамлакатимиздаги маданий мерос объектлари қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги 4068-сон “Моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1059-сон “Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қарорлари чиқиши ҳам бу муқаддас масканда Ўзбекистонимизнинг  буюк қадимий  тарихини, довруғини дунёга намоён эта оладиган ёдгорлик мавжудлигидан далолат беради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, туризм фаолиятини юксалтириш учун, аввало, Мингтепадаги тарихий масканлар, зиёратгоҳлар ва ёдгорликларни сақлаш, ободонлаштириш, бой маданий меросини тиклаш учун нафақат ҳукумат даражасида, балки, фуқаролар эътиборини ҳам тортишимиз даркор. Мингтепа ёдгорлиги ва туманда мавжуд бўлган тарихий зиёратгоҳларнинг аҳамиятини кенг оммага тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш орқали аҳолида, айниқса, ёшларимизда ғурур, фахр ва дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, ушбу масканларни ободонлаштириб, туризм фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш  ишлари амалга оширилмоқда.

Тахлил ва натижалар (Analysis and rezults):

Мингтепа археология ёдгорлиги асосида туризмни ривожлантириш борасида бир қанча ишлар бошлаб юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев 2019 йил 16 май куни Андижон вилоятига ташрифи давомида мақола муаллифи томонидан юртбошимизга тақдим этилган “Мингтепа археология ёдгорлигини ободонлаштириш,  унинг  базасида туризмни ташкил этиш ва  ривожлантириш” лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Мингтепа тарихий ёдгорлиги нафақат маҳаллий сайёҳларни балки чет эллик туристларнинг ҳам катта қизиқишларига сабаб бўлаётган маскандир. Ташриф буюрувчилар орасида Хитой, Япония, АҚШ, Италия, Жанубий Корея ва МДҲ давлатларидан келган сайёҳларнинг борлиги биз учун фахрлидир. Айниқса, Америка Қўшма Штатлари  элчиси Памелла Спратлен хонимнинг Мингтепага ташрифидан сўнг «Ўзбекистон-24» каналига берган интервьюсида Мингтепа ҳақидаги фикрлари жуда хайратланарли: «Ҳар қандай ерда туризмни ривожлантириш учун бир омил алоҳида назарда тутилиши лозим: сайёҳ учун мамлакатнинг ўзи қизиқарли бўлиши керак. Ўзбекистон ана шундай қизиқарли давлатлар сирасига киради. Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарлар ҳақида кўпчилик тасаввурга эга. Қадимий шаҳарларда ташриф буюрувчи сайёҳларга яратилаётган шароитлар ҳам ўсиб бормоқда. Аммо, мен кўпроқ чет элда машҳур бўлмаган шаҳарлари ҳақида гапиришни истардим. Масалан, Фарғона водийсидаги Мингтепа манзилгоҳини яқиндан томоша қилдим. Шубҳасиз, бу ҳам сайёҳларни жуда қизиқтиради»[14].

Тошкент шаҳрида  2019 йил 22 январь куни Ўзбекистон Давлат тарихи музейида “Чангандан Вандугача” деб номланган кўргазма ташкил этилди. Кўргазмадан мақсад Хитойнинг қадим Буюк ипак йўлида жойлашган шаҳри Чангандан Мингтепагача бўлган тарихий жойлардан топилган қадимий ашёларни намойиш этишдан иборат бўлди. Ушбу кўргазма очилишида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Цзян Янь хоним, ўзбек ва хитой тарихчи олимлари, зиёлилари  иштирок этдилар. Хитой элчиси: “Мингтепа ёдгорлиги замирида ташкил этилган ушбу кўргазма икки давлат ўртасида маданий ва маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деб юқори баҳо берди.

Бундан ташқари, Марҳамат туманининг ўзида туризм учун хизмат қила оладиган 70 га яқин масканлар мавжуд. Улар сирасига 10 дан ортиқ зиёратгоҳ, 30 дан ортиқ шифобахш булоқлар, ўнлаб тарихий ва замонавий масканлар бор. Улар орасида Мингтепа археология ёдгорлиги энг маҳобатлилиги ва улуғворлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, Марҳамат туманида ўзининг бетакрор табиати, табиий ландшафти, шифобахш ҳаво оқими, айниқса, бой тарихий меросидан фойдаланиб, туризмнинг агро, эко, адабиёт, тарих, зиёратгоҳ, қишлоқ йўналишларини ташкил этиш мумкин. Марҳамат тумани “Алитепа”, “Қоровултепа”, “Оқтўнли ота”, “Тоштепа”, “Жунғортепа”,  “Йиғлоқтепа”, “Давкарота”, “Лўмбитепа”, “Оқбоштепа”, “Темиратки мозор”, “Бобохуросон ота”,  “Хотин қум”, “Қўйчи халфа”, “Хўжа Босмон ота”, “Гўзал ота”, “Миришкор ота”, “Кўктўнли ота”, “Банди ота”, “Чашмаи муборак”, “Тўра бобо зиёратгоҳи”, “Мулла Тўйчи зиёратгоҳи”, “Табиб зиёратгоҳи” [10] каби қадимий ёдгорликлари, зиёратгоҳлари, шифобахш булоқларга бой ҳудудлиги билан ажралиб туради. Ушбу тарихий жойлар бир неча асрлардан буён ҳалқимизнинг муқаддас масканлари сифатида эъзозланиб келинмоқда ва зиёрат қилинмоқда.

Халқимиз қадимдан ушбу масканларни зиёрат қиладилар ва у ердаги шифобахш булоқ сувлари, тупроқларидан даволаниш мақсадида фойдаланиб келмоқдалар. Гарчи ушбу булоқларнинг шифобахшлиги  илмий асосланмаган бўлсада, амалда турли дардларга шифо бўлаётганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, Хўжа Босмон ота зиёратгоҳида қўтир яраси, қулоқ оғриғига шифо бўлувчи булоқлар, Оқбош ота зиёратгоҳида тошма яраларга, сочига оқ тушганларга, ошқозон-ичак касалликларига шифо бўлувчи булоқлар,  Бобо Хуросон ота зиёратгоҳида эса, сувчечак, сачратқи, тошма яраларига шифо бўлувчи булоқлар, Темирэтки мозор тепалигида эса темирэтки касаллигига шифо бўлувчи тупроқ,  Хотин қум зиёратгоҳида эса,  қўл, оёқ, бел оғриқларга шифо бўлувчи қумнинг мавжудлиги бунга мисолдир. Бу шифобахш масканлардан республикамизнинг турли вилоятларидан, шунингдек, қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Россия давлатларидан ҳам беморлар келиб шифо топаётганлиги олиб борилган тадқиқотлар натижасида аниқланган.

Хулоса ва таклифлар (Conclusion/Recommendations):

Мингтепа археология ёдгорлиги ўзининг қадимийлиги, маҳобатлилиги билан туризмнинг қайноқ  нуқтаси бўла олади. Шу сабабли Мингтепа археология мероси ва Марҳамат туманида мавжуд бўлган зиёратгоҳлар заминида туризмнинг тарих ва зиёрат йўналишларини янада такомиллаштириш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

  1. Мингтепа ёдгорлигининг тарихий-археологик аҳамиятини, унинг миллатимиз тамаддуни бешикларидан бири бўлганини эътиборга олган ҳолда, мазкур объектни халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш, Мингтепа тарихий-меъморий археологик ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музей-шаҳарга айлантириш, ёдгорликни туристик манзилга айлантириш чораларини ишлаб чиқиш;
  2. Мингтепа археология ёдгорлиги атрофида кўплаб сайёҳларга хизмат кўрсатувчи савдо, хизмат кўрсатиш ва овқатланиш шоҳобчалари ташкил этиш орқали аҳолининг катта қисмини иш билан таъминлаш, замонавий инфратузилма ва аҳолининг турмуш фаровонлигига эришиш;
  3. Ҳудуд Ўзбекистондаги энг экологик тоза, табиий ландшафти, бетакрор табиати, шифобахш ҳаво оқимига эга масканлардан бири бўлиб, ушбу имкониятлардан фойдаланган ҳолда туманда тарих, зиёрат, эко, адабиёт, қишлоқ, агро йўналишларида туризмни ташкил этиш мумкин. Марҳамат туманида мавжуд бўлган 70 га яқин зиёратгоҳлар ва шифобахш булоқлар жойлашган масканларни янада ободонлаштириб, у ерларда дам олиш масканлари, кичик санаторийлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Мингтепа археология мероси ва тумандаги мавжуд зиёратгоҳларнинг  тарихини, маънавий ва маданий аҳамиятини халқимиз айниқса ёшларимиз ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали уларни сақлаб қолиш, ободонлаштириш ва улардан оқилона фойдаланиш, яъни туризмнинг зиёрат ва тиббиёт йўналишларини ривожлантириш мумкин.

Шахло Хусанова Артиқалиевна

Андижон Давлат Университети таянч докторанти

Post Author: admin