Мингтепа

Улуғбек, ҳой Улуғбек,
Бу ерлардан кетайлик.
Мингтепа деб аталган
Юртимизга етайлик.

Улуғбек, ҳой Улуғбек,
Керакларни олайлик:
Асло қолиб кетмасин –
Юракларни олайлик.

Тош шаҳардан розимиз,
Гинамиз йўқ сира ҳам.
Ака-ука бўп қолдик,
Олмай қўйган кира ҳам.

Лекин ул мингтепалар
Чорлаб тинмайди энди.
“Биттамиз эдинг бизнинг,
Сафимизга қайт”, дейди.

Мингтепа, эй Мингтепа,
Сирларинг кўпдир сенинг.
Сирларингдан зиёда
Бурчларим кўпдир менинг.

Ҳаммасини биламан,
Билиб бағринг тилдим кўп!
Сендан яқин йўқлигин,
Қирқдан ўтиб билдим хўп!

Мингтепажон, Мингтепа,
Сирли, гизли, эй диёр!
Юрагимга бир қара,
Унда ҳам бир тепа бор.

Аввал шуни кашф этай,
Сўнг қошингга учгайман.
Соғинганман, пойларинг
Йиғлаб-йиғлаб қучгайман!..

Менинг сендан кетишим, –
Асли, сенга йўл экан.
Бу йўлдаги заҳматлар
Билсам: менга йўл экан…

Толеим кулса бир кун
Қучоғингга қайтарман.
Муҳаммад Юсуф билан
Қўшиғингни айтарман!..

Улуғбек ҲАМДАМ

Post Author: admin