МИНГТЕПА: АРХЕОЛОГИК ҚАЗИШМАЛАР ВА УЛАРНИНГ ТАҲЛИЛИ

МИНГТЕПА: АРХЕОЛОГИК ҚАЗИШМАЛАР ВА

УЛАРНИНГ ТАҲЛИЛИ

 

Б.Х. МАТБОБОЕВ

Ўзбекистон Республикаси ФА Археологик тадқиқотлар институти бўлим мудири,

тарих фанлари доктори, профессор.

 

Мамлакатимизда мустақиллик йиллларида ўтмиш тарихимизга муносабат кескин ўзгариб давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Маданий меросимизни ўрганиш, таъмирлаш ва уларни келажак авлодларга етказиш борасида кўплаб илмий-амалий ишлар қилинмоқда. Кўҳна тарихимиз хорижлик мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Европа, Америка, Осиё мамлакатларининг тарихчи, этнограф, археолог, антрополог олимлари ўтмиш тарихимизни тадқиқ этишда қатнашмоқдалар. Қадимшунос олимларимизни хорижлик археологлар билан ҳамкорликдаги қўшма археологик экспедициялари яхши натижаларни қўлга киритмоқда. Жумладан, Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий ФА Археология институти ва Ўзбекистон Республикаси ФА Археологик тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбек-Хитой қўшма халқаро археологик экспедицияси Фарғона водийси антик даврининг (мил. авв. IV – милодий IV асрлар) йирик археологик ёдгорлиги бўлмиш Мингтепа шаҳар харобасида кенг қамровли илмий текшириш ишларини олиб бормоқда.

Ўтган йиллар давомида ёдгорликнинг 20 дан ортиқ нуқтасида археологик қазишма ва кузатув ишлари амалга оширилди. Текширув ишларида ҳар икки томондан 8 археолог, 10 техник ва Андижон давлат университети профессор-ўқитувчилари, тарих факультети талабалари қатнашмоқдалар. Асосий мақсадимиз археологик материаллар асосида Мингтепа шаҳрини Марказий Осиё тарихидаги ўрни ва ролини, уни Буюк Ипак йўли савдо-иқтисодий алоқаларида қатнашуви, хўжалик фаолиятини таҳлил этишдан иборатдир. Кейинги йиллардаги қазишмалар жараёнида шаҳарнинг таркибий тузилиши (арк, ички шаҳар ва ташқи шаҳар), моддий маданий қатламлари стратиграфияси, мудофаа тизими ва бу ерда яшаган аҳолининг ҳунармандчилиги, санъати, урф-одати, диний тасаввурлари тўғрисида янги маълумотлар олинди.

Биринчи археологик ўрганиш объекти – Мингтепа ғарбий мудофаа тизимида жойлашган 9-буржда амалга оширилди. Унда мазкур мудофаа деворининг конструктив хусусиятлари, маданий қатламлари, қурилиш босқичлари каби хусусиятлари тўғрисида янги маълумотлар қўлга киритилди. Қазишмада энг қадимги монолит (бирламчи) пахса девор ажралиб туради. Мазкур деворнинг қуйи қисмидаги эни 5,45 метр, юқорида эса 4 метр, сақланган баландлиги 6 метр. Бундай мудофаа деворлари Фарғона водийсида илк антик давр (мил. авв. IV аср) да пахсадан бунёд этилган ва энг қадимгиларидан ҳисобланиб, унда бурж-кузатув минораси ва шинаклар бўлмаган. Ғарбий деворнинг ушбу нуқтасида тўғри бурчак режали кузатув миноралари маълум вақт ўтгач пахса девордан сўнг ғиштдан қурилган, улар икки ён томонни ҳам ҳимоя қилишга мўлжалланган бўлиб, маҳобатли ўлчамга эга (18х10 м).

Қадимги мудофаа деворини қурилишида фойдаланилган қурилиш материали (ниҳоятда метин бўлиб кетган пахса блоклари) ва девор конструкциясининг мустаҳкамлигидан мингтепалик аждодларимиз Яқин Шарқда маълум бўлган девор бузадиган қурилма (машина)дан хабардор бўлишганини билдиради.

Мудофаа тизимини ўрганилиши натижасида уни 3 та қурилиш даврига эга бўлганлиги кузатилди. Биринчи даврда (мил. авв. IV-III асрлар) асосий ўқ девор қурилган, у маданий қатламлар устига яхши пиширилган пахсадан тикланган бўлиб, юқорида айтилганидек блок-блок қилиб қўйилган. Мазкур қатламдан Шўрабашот даврига оид (мил. авв. IV-I асрлар) гулдор сопол парчалари топилди. Пахса блокларидан (50х50, 40х45см, 40х30 см) тикланган мудофаа деворлари Фарғонанинг бронза даври ёдгорлиги Далварзинда ҳам қайд этилган. Кейинги иккинчи қурилиш даврида (мил. авв. II-I асрлар) қадимги деворга яна мустаҳкамаш учун қўшдевор ва кузатув миноралари қўшилган. Бу Фарғонага шарқдан катта хавф мавжудлигидан дарак беради. Бу хавф Хитой томондан бўлиши мумкин. Чунки Хан династияси (мил. авв. 206 – милоднинг 220 йиллари) бу даврда тез ривожланиб кучаяётган эди. Учинчи қурилиш даврида (милодий I-IV асрлар) эса асосий деворни янада мустаҳкамлаб таъмирлаш мақсадида девор остки қисмидан 2,5 м баландликда пахсадан қўшимча девор – қўшдевор қўшиб, унинг устида аскарлар ҳаракатланиши учун 1 метрли йўлак (?) бўлганлиги аниқланди. Айнан шу даврдан шаҳар девор устидан туриб ҳимоя қилинган бўлиши мумкин.

Мингтепа қадим мудофаа тизими чуқур ўйланган мураккаб инжинерлик иншоотидир. Бу ўз навбатида мудофаа тизим мукаммал ишланган шаҳарларда юксак ривожланган ҳарбий билимлар бўлганлигидан дарак беради. Бундай кучли ва уч қаторгача мукаммал ҳимоя тизимли харбий иншоотларини қурилиши яна давлатлар ўртасида мазкур даврда қарама-қаршиликлар мавжудлиги ва ташқи таҳдидларга ишорадир.

Иккинчи археологик қазишма Мингтепа ёдгорлигининг жануби-ғарбий бурчагидаги марказий буржда олиб борилди. Ўтган вақт мобайнида энг юқоридаги икки: 1- ва 2-қурилиш қатламлари тозалаб очилди. Улар милодий I-III ва IVV асрлар билан саналанади. Мингтепа тарихида биринчи марта тирнаб гул солинган идиш парчалари топилди. Уларда антропо-зооморф (одам ва ҳайвонат олами) тасвирлар аниқланди. Бунга қўшимча қилиб айтамизки, тирнаб гул солиш усули техник ва даврий жиҳатдан олдингилардан оз бўлсада фарқ қилади. 2014-2015 йиллардаги қазишмалар пайтида “тирнаб” нақш солинган бир неча сопол парчалари топилди. Ҳозирда 4 та парчада 7 та тасвир аниқланди. Марҳаматлик таъмирчи рассом Алишер Умматов томонидан сополлардаги тасвирлар тикланди.

Биринчи сопол парчасини устки қисмига сиртлон (гиена-ёлдор бўри)ни бўйин ва бош қисми тасвири туширилган. Сополнинг ички томонида жангчи сипоҳий тасвири ва уни орқароқ томонида тумшуқлари яққол кўриниб турган ҳаракатдаги қуш тасвири бор. Одам тасвирида бошини бир бўлаги кўриниб турибди, оёқ қисмлари, чап қўлининг бир қисми сақланиб қолмаган, ўнг қўлини белига тиркаб турибди. Фақат елка, қорин, кўкрак, бўйин қисмлари кийимлари билан кўриниши бизгача етиб келган. Кўкрак қисмида “крест” қилинган тасма ёки уст-бош детали тасвирланган, чап қўли билан қурол (қилич?) ушлаган. Маълумки, Марказий Осиё халқларида қадимдан Хумо қуши озодлик, ғалаба тимсоли сифатида гавдалантирилган. Жангчининг орқа қисмида тасвирланган Хумо қушини жангчига мадад руҳи ва ғалаба бағишлаб турибди, деб изоҳ бериш мумкин.

Мингтепада топилган иккинчи сопол парчасини ички томонида афсонавий Фарғона тулпорини тасвирини кўриш мумкин. Отнинг бош ва дум қисми сақланиб қолмаган. Мингтепадаги сополга туширилган арғумоқ тасвири қўшни Қирғизистон республикасининг Аравон ва Айримачтаудаги тошга сўқилган расмларидаги отлар тасвирига жуда ўхшайди. Сопол парчасининг ташқи томонига товус тасвири чизилган. Лекин унинг бош ва оёқ қисмидан ташқари ярим тасвири сақланиб қолган холос. Товус қуши мифологик жиҳатдан ҳам кўриниши чиройли бўлганлиги учун қадимдан Фарғона ва қўшни ҳудудларда эъзозланиб келинган. Бу гўзал мавжудотлар кўпроқ ҳукмдорлар саройлари ҳиёбонларида парваришланган ва саройга ўзига хос кўрк бағишлаб турган.

Яна бир учинчи сопол парчанинг сиртида кабутар бош қисми тасвирланган. Шунга ўхшаш қуш тасвири милодий V-VII асрларга тааллуқли Варахша саройнинг шарқий залида учрайди. Яна бир сопол парчасидаги тасвирлар мазмуни номаълум бўлиб қолмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистон-Хитой қўшма археологик комплекс экспедициясининг Мингтепа материаллари ичида биринчи марта топилган қадимги тасвирий санъат намуналари алоҳида ажралиб туради. Мазкур топилмалар Фарғона водийси халқларини бундан 2000-2200 йил олдинги диний-мафкуравий қарашларини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Иккинчи қазишмада асосий эътибор милодий III-V асрларга оид қурилиш қолдиқларининг қуйи қисмидаги ва илгариги даврга оид меъморий қолдиқларини аниқлашга қаратилди. Натижада учта кетма-кет қурилган хона ва уларни тўрт тарафдан ўраб турган йўлак (4 та узун тор хона) лар очилди. Бу хонадонлар деворлари бевосита Давань даври (мил.авв. IV – милодий IV асрлар) га оид хона деворлари устига қурилган. Бу ердан темир ишлаб чиқаришдан хабар қилувчи алоҳида топилмалар – тошқол парчалари ҳам кўплаб топилди. Яна сурматош (аёллар косметикаси жиҳози) ва қўрғошин қуймаси қўлга киритилди. Икки томонлама тирнаб гул солинган қизил ангоб сопол идиш намуналари топилди.

Учинчи археологик қазишма ички шаҳарнинг шимоли-ғарбий бурчагида олиб борилди. Бу ердан якка тартибда ўра гўрга чалқанчасига қўйилган жасад топилди ва у фарғоналикларни дафн маросимлари ва диний эътиқодлари тўғрисида хабар беради. Ўнг қўли яқинида сопол идиш – хурмача махсус чуқурчага қўйилган эди, чап қўли олдида темир пичоқлар (3 та) ва пойонак (2 та) (наконечник стрелы) аниқланди. Мазкур урф-одатлар – марҳум бошини ғарбга қўйиб, тананинг ғарб-шарқ йўналишида қўйилиши, дастгоҳда ясалган сопол идишни махсус чуқурчага жойлаштирилиши, темир пичоқлар бизга Эйлатон маданиятининг Оқтом ва Кунгай мозорларидан маълум ва бу қабр мил. авв. V-IV асрлар билан саналаниши мумкин. Яна бунга энг яқин ўхшашлик Мингтепадан 20 км. шимоли-ғарб томонда, Асака шаҳри яқинида жойлашган кўҳна Ниёзботир қабристони материалларида кузатилади.

Тўртинчи археологик қазишма ички шаҳарнинг марказий тепалиги (Зиндонтепа) – аркда амалга оширилди. Асосан ўтган йиллардаги қазишмалар тозаланди ва баъзи аниқликлар киритилди. Яъни, 1986 йили топилган ва қалинлиги 4,85 метр бўлган тагкурсини четки қирраси аниқланди. Салкам 5 метрлик тагкурси устига қурилган бино маҳобатини тасаввур қилиш қийин эмас. У пахса блоклари ва хом ғиштлардан тикланган. Ҳозирда уни уч томони ковлаб аниқланди. Қазишмада пол устида бир-бирига яқин жойлашган 4 та ўчоқлар қайд этилди. Тагкурси (платформа) ва уни устидаги махобатли бино сўзсиз диний маросимлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ушбу сақланган қисм ҳоким қароргоҳи ва саройи жойлашган арк қолдиғи дейишга асос бўлади.

Ўзбек-Хитой қўшма археологик экспедициясининг амалга оширган ишлари натижалари таҳлили қуйидаги дастлабки хулосаларни билдиришга имкон беради:

  1. Археологик ёдгорлик таркибий тузилиши жиҳатдан ички ва ташқи шаҳарлардан иборат бўлиб, арк қолдиқлари ички шаҳарда жойлашган бўлиб, уни марказий қисми сақланган, холос. Бу ерда сал кам 5 метр қалинликда тагкурси (платформа) устига қурилган маҳобатли бино қолдиқлари (пол ва бир неча ўчоқлар) қайд қилинди. Ички шаҳар асосий яшаш жойи бўлиб қолган. Шунинг учун 2-босқичида деворлар буржлар билан кучайтирилган. Ички шаҳарнинг мудофаа иншоотлари деярли тўла сақланган. Хитойлик ҳамкасблар реконструкцияси бўйича шимол ва жанубда 12 тадан, ғарб ва шарқда 20 тадан кузутув буржлари бўлган, жами 64 та. Ташқи шаҳарнинг мудофаа тизими қолдиқлари ўтган асрнинг 40-50-йилларида қайд этилган, лекин улар ўрганилмаган эди. Хитойлик ҳамкасбларимизнинг Чин мамлакатидаги Лоян, Ечен қадимги шаҳарларида фойдаланилган “Тань чан” асбоби ёрдамида ташқи шаҳар мудофаа девори ва шаҳар қабристони аниқланди. Буни бизлар Фарғона археологиясидаги катта ютуқ деб ҳисоблаймиз. Ўтган йиллардаги А.Н.Бернштам, Ю.А.Заднепровский, Б.Ҳ.Матбобоевларни ёдгорликдаги олиб борган изланишлари натижасида ички шаҳардаги бешта, мудофаа деворларидаги учта қурилиш қолдиғи бўлганлиги археологик жиҳатдан қайд этилди. Археологик текшириш ишларида қўлга киритилган топилмаларга кўра, Мингтепа қадимги шаҳрини қурилиши бошланиши мил. авв. IV-III асрларга ва ниҳояси милодий IV-V асрларга тўғри келмоқда, бу саналар бизнинг олдинги қилинган хулосаларимизга зид эмас.
  2. Шаҳарнинг икки дарвозаси (ғарбий ва жанубий) ўрни топилди. Бироқ дарвозаларни конструктив тузилиши ҳақида бирор нарса айтиш қийин. Шаҳар дарвозаси олдидаги ҳимоя тизими комплекси ковлаб очилмоқда. Қазишмалардан аён бўлишича, дарвозаларга катта эътибор берилиб, кириш қисмининг мудофаа салоҳияти ҳар икки томонидан чўзинчоқ хоналар қурилиб кучайтирилган.
  3. Дарвоза ёнидаги икки буржнинг қурилиш босқичлари стратиграфияси ва меъморий ечимлари ўрганилди. Ғарбий мудофаа деворининг ўрта қисмидаги қазишмада энг қадимдаги мудофаа девори тўғрисида маълумотлар олинди. Энг қадимги мудофаа девори маданий қатлам устига қурилган. Буни ёдгорликдан аниқланган Шўрабашот Дарвоза ёнидаги икки буржнинг қурилиш босқичлари даврининг бўёқ билан гул солинган сопол идиш намуналарини учраши ҳам тасдиқлайди. Шаҳар ҳимояси – мудофаа тизимининг таянч бўғинларига катта эътибор қаратилган. Тўрт бурчагида 4 та марказий бурж-миноралар қурилган. Минора қадимги деворга ёпиштирилиб тикланган (ўлчами 10 х 18 м). Шунинг учун қурилишнинг 2- ва 3-босқичларида деворлар минора ва қўшдеворлар билан кучайтирилган. Икки марта қилинган қайта қурилишлар натижасида мудофаа деворининг умумий қалинлиги 7,3 метрга, юқоридагиси 3,4 метрга, баландлиги 6 метрга борган. Бундай маҳобатли ҳимоя девори ва бурж-миноралар водийнинг бошқа ерида ҳали аниқланган эмас. Тўртбурчак режали миноралар водийда Эйлатон шаҳар харобасида пайдо бўлади (мил. авв. VI-III асрлар) ва мукаммалаша борган. Эйлатондаги минорада бир хона (қоровулхона) очилган бўлиб, дарвозахона вазифасини бажарган бўлиши керак. Платформа (тагкурси) гувалакдан тикланган, устига йирик ғиштлардан (девғишт) минора қурилган. Бизнингча Мингтепани тўрт томонида дарвозалар бўлиб, улардан марказий дарвоза 9- ва 10-миноралар оралиғида жойлашган бўлиши керак. Кўплаб белгиларга кўра, Хитойнинг антик давр шаҳарларидаги дарвозаларга ўхшаб кетади. Уларда дарвозалар тўрт тобоқли (қанотли) бўлиб икки чекадагилар “шоҳона” дарвоза деб император учун, икки ўртадагиси оддий халқ учун мўлжалланган.
  4. Сақланмаган ташқи шаҳар бизнинг фикримизча, қадимда нотинч пайтда атрофдаги кўчманчилар юрталар тикиб вақтинча тўхтайдиган ва яшайдиган ҳудуд ҳисобланиб ўрта асрларда рабодга айланган бўлиши мумкин ҳамда камида икки томонида дарвозалар жойлашган. Кейинги ўрта асрларда Андижонни 3 та, Ўшни 3 та дарвозалари бўлгани бу фикрни тасдиғига хизмат қилади.
  5. Ўзбек-Хитой қўшма экспедицияси аниқлаган сопол, тош ва суякдан ясалган топилмалар милоддан аввалги IV – милодий V асрлар билан саналанади. Кўҳна Мингтепа 500-700 йил тарих саҳнасида аввал кичик макон сифатида, сўнгра йирик бошкент мақомигача бўлган тадрижий (эволюцион) йўлни босиб ўтган шаҳар эди.

Археологик қазишмаларга кўра, Мингтепа антик даврда (мил. авв. IV – милоднинг IV асрлари) Ипак йўли бўйидаги ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривожланган шаҳар эди. Мингтепа ёдгорлигини Эрши шаҳри бўлиши мумкинлиги аксарият фарғонашунослар томонидан тан олинган. Бунинг бир неча сабаблари бор:

  1. Мингтепа археологик комплекси (мудофаа деворлари, ички ва ташқи шаҳар, ҳунармандчилик буюмлари) даврий жиҳатдан Хитой йилномаларида келтирилган вақт – мил. авв. 138-115 йилларга тўғри келади. Маданий қатламлар ва қурилиш қолдиқлари салмоғи ҳам етарлича.
  2. Хитой манбалари хабар берган Эрши «ўрта шаҳри» қолдиқлари водийда фақат Мингтепада сақланган (майдони 40 гектардан зиёд). “Ўрта шаҳар” икки қатор кучли мудофаа деворлари билан ўралган, улар археологик жиҳатдан қайд этилган.
  3. Манбаларни синчиклаб ўрганилса, Эрши хитойликларни водийга кириб келишидаги Ю (Ючен)дан кейинги шаҳар эди. Мавжуд географик ҳолатга кўра, улар Шарқий Фарғонада жойлашган бўлишлари керак. Биз келтириб ўтган далил-асосларни Фарғона водийсида кейинги 70 йилда ўтказилган археологик қазув ишлари ҳам тасдиқлайди. Чунки айнан водий шарқий томонлари илк деҳқончилик, энг қадимги шаҳарлар ва дастлабки давлатчилик куртаклари пайдо бўлган макон эди, уни Б.Ҳ.Матбобоев “шарқий Фарғона урбанлашган ҳудуди деб атайди”. Мил. авв. III-II минг йиллликка тааллуқли Шагим қабристони материаллари ва Қорасув шаҳри мактаб музейидан топилган «тарози тошлари Шарқий Фарғонада илк бронза даврига оид ёдгорликлар ҳисобланади. Деҳқончилик билан боғлиқ асосий ёдгорликлар 60-70 фоизи шу ҳудудда жойлашгани аниқланган. Таъкид жоизки, водий ҳудудида мил. авв. VIII-VII асрларда воҳа давлатлари пайдо бўлади. Ўрганилаётган даврда эса майда давлатлар Қадимги Фарғона подшолигига бирлашган эдилар. Қолаверса, фарғонашунос Н.Г.Горбунованинг археологик материалларга асосан Давань давлати Шарқий Фарғонада (Андижон, Ўш ва Жалолобод вилоятлари) жойлашган деган салоҳиятли хулосаси ҳам бор. Хулоса қилиб айтганимизда, Фарғона водийсидаги Давань подшолиги ва унинг пойтахти Эрши (Мингтепа) манбаларда биринчи марта мил. авв. II асрларда тилга олинади. Охирги марта 280-286 йиллари Хитой ўз элчисини Фарғона подшоси ҳузурига юборгани тўғрисидаги хабарда эслатиб ўтилади. Шундан сўнг бу ном учрамайди. Фақат 436 йилдаги хабарда император Вэй элчиси Дунь Вань Полонага, ўтмишдаги Даванга борди, дейилади. Демак, Даванда сиёсий вазият ўзгарган ва номи ҳам бошқа термин билан аталган.

Ўзбек-Хитой қўшма халқаро археологик экспедицияси топилмалари ва натижалари ҳам қадимги Фарғона Давань давлати пойтахти Эршини Мингтепа ўрнида бўлганлигини тасдиқламоқда. Ҳатто узоқ вақтлардан бери ўз мақолаларида Эрши – бу Ахсикент деб ҳисобловчи А.Анарбоев ҳам “Водийнома” журналидаги (2016 йил, 1-сони) мақоласида Мингтепа – бу Эрши деган фикрни тўғрилигини тан олди.

Мингтепа бизни фикримизча “катта шаҳар” (хитойчада “дао чэн”) типидаги шаҳарлар қаторига киради. Хитой манбалари хабарича Даванда икки қатор девор билан ҳимояланган шаҳарлар бўлган. Ҳозирда олиб борилган археологик натижалар Мингтепани ана шундай шаҳарлар қаторига киритишга асос бўлади. Таъкид жоизки, Хитой манбаларида бошқа ҳудудлардги давлатларга нисбатан давлат пойтахти деган термин ишлатилмаган. Хитойликлар Гинши термини билан фақат ўз давлатлари пойтахтларинигина тушинганлар. Бошқа давлатлар пойтахтларини ду, яъни қароргоҳ, резиденция деб атаганлар.

Шарқшунос А.Хўжаев яқинда эълон этилган мақоласида пойтахт шаҳар деб Юан-чэнг деган шаҳар номини келтиради. Агарда бу маълумот бошқа тадқиқотларда ҳам тасдиғини топса, бу сўзсиз Н.Я.Бичуринни хатосини кечикиб бўлса-да тузатиш бўлади… Аммо Юан-чэнг шаҳри хақидаги маълумот ҳозирча фақат А.Хўжаев таржималарида учрамоқда. Европалик ва Россиялик синологларнинг бу ҳақдаги фикрлари бизга номаълум. Қолаверса, ўтган асрнинг 70-80-йилларида Санкт-Петербурглик фарғонашунос Ю.А.Заднепровский ёзма манбаларни диққат билан ўрганиб А.Хўжаев фикрига яқин мулоҳазани айтиб ўтган эди. Яъни, Даванда худди қўшни Кангуй давлатига ўхшаб иккита пойтахт мавжуд эди ва улардан бири қароргоҳ (резиденция) бўлиши керак, деган фикрни билдирган. Кангуйда ёзги ва қишки қароргоҳлар мавжудлиги тарихий факт. Шу назардан қараганда Юан-чэнг қароргоҳ бўлиши мумкин. Чунки, тадқиқотчилар Н.Я.Бичурин таржималарида Юан-чэнг топоними “резиденция даваньской” ёки “даванская резиденция” деб олинганини таъкид этадилар.

Юан-чэнг шаҳри ҳақида қизиқарли ғояни илгари сураётган А.Хўжаев уни Андижон ўрнида бўлиши мумкин деган фикрни билдиради. Бу фикрни қўллаб-қувватласа бўлади. Чунки Эски шаҳар қисмидан аниқланаётган археологик топилмалар ва улар санаси бунга зид эмас. Ҳозирда Андижонни Эски шаҳар қисмида (Сужоат, Сарвонтепа, Тутзор кўчалари ўрами) 100 см. гача ва ундан зиёд қалинликдаги 15-20 гектарли ҳудудда қуйи қатламлардан 2400-2600 йиллик археологик комплекс топиб ўрганилди ва Андижонни 2500 йиллик санаси аниқланди.

Агар юқоридагиларни ҳисобга олсак, Мингтепа кўплаб белгиларига кўра пойтахт мақомига эга бўлган шаҳарлар типига кириши ойдинлашади. Қадимги шаҳар мил. авв. IV-III асрларда шаклланган, милоднинг V-VI асрларидан кейин Мингтепада ҳаёт тўхтаган. Бунинг сабаблари ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Мингтепада олиб борилган археологик текширишлар Эрши – трансконтинентал йўллар (Буюк Ипак йўли) тизимида жойлашган шаҳар бўлиб, Бақтрия, Уструшона, Чоч каби ҳудудларни Хитой билан боғлаган. Юз йиллар давомида Ипак йўли бўйидаги ҳунармандчилик, савдо маркази сифатида геосиёсий рол ўйнаб, карвонлар қўним топган йирик шаҳар бўлган. Бунга Фарғона водийсидан топилган Хитойнинг у-шу, кай юан тун бао, хоцюан деб номланувчи танга пуллари, ипак матолари ва кўзгулари далолат беради.

Мингтепани пойтахт ва йирик шаҳар эканига шаҳар қабристонини топилиши ҳам қўшимча далил бўлади. Маҳаллий аҳоли томонидан Чангалмозор деб аталадиган қабристон ташқи шаҳар мудофаа деворининг ортида жойлашган. Ҳозирда ушбу жой экин майдонига айлантирилган бўлиб, сиртида мозор белгилари йўқ, лекин 50-100 см. чуқурликда юқори қисми бузилиб кетилган қабрлар учрайди. Шу муносабат билан Мингтепани ўрганишдаги бир оғриқли масала – унинг муҳофазаси борасидаги ҳолатга тўхтаб ўтишни зарур деб биламан. Таъкид жоизки, ташқи шаҳар тўла, ички шаҳарнинг мудофаа деворларидан ташқари барча ҳудуди ва аркнинг катта қисми экин экиладиган жой қилиб ўзлаштирилиши натижасида бузиб юборилган. Бу қонунбузарлик ҳали ҳам давом этмоқда. Кейинги беш йил ичида Мингтепанинг ички шаҳрини ҳимояга чорлаб археологлар кўплаб мурожаат қилдилар. Лекин бирор натижа ҳали бўлгани йўқ. Ҳаттоки, ёдгорлик ҳудудидаги ноқонуний қурилмаларни олиб ташлаш ҳақидаги суд ҳукми ҳам бажарилмади!!! Ажабмас “Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археологик мероси объектини мухофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори (29 декабрь 2018 йил, №1059) пунктлари бажарилса… Зеро мамлакатимиздаги ноёб ёдгорлик ҳимояга олинса, уни келажак авлодларга ҳам авайлаб асрасак…

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Gorbunova N.G. The culture of ancient Ferghana (VI century B.C. – VI century A.D.). – England. BAR International Series 281. 1986.
  2. Бернштам А.Н. Араванские наскальние изоброжения и Даваньская (Ферганская) столица Эрши // СЭ, №4.
  3. Бернштам А.Н. Историко-археологические очерки Центрального Тянь-Шаня и Памиро-Алая. Материалы и исследования по археологии СССР, № 26. – М. – Л., 1952.
  4. Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Том I. Москва-Ленинград. 1950.
  5. Боровкова Л.А. Запад Центральной Азии во II в.до н.э. – VII в.н.э. (историко-географический обзор по древнекитайским источникам). Москва,
  6. Боровкова Л.А. Царства Западного края. Москва. 2011.
  7. Горбунова Н.Г. Оборонительные сооружения на поселениях древней Ферганы // Генезис и пути развития процессов урбанизации Центральной Азии. ТД конференции. Самарканд. 1995.
  8. Горбунова Н.Г. Поселения Ферганы первых веков нашей эры: Некоторые итоги исследований // СА. 1977. №3.
  9. Заднепровский Ю.А. Древнеземледельческая культура Ферганы // МИА. – М., – Л., 1962. – № 118.
  10. Заднепровский Ю.А. Исследование древнего Касана // АО 1983. Москва, 1985.
  11. Заднепровский Ю.А. О столичных центрах Давани (Древней Ферганы)// Взаимодействие культур и цивилизаций. Санкт-Петербург,
  12. Заднепровский Ю.А. Укрепления чустских поселений и их место в истории первобытной фортификации Средней Азии // КСИА. Вып. 147. Москва. 1976.
  13. Заднепровский Ю.А. Чустская культура Ферганы и памятники раннежелезного века Средней Азии. Автореф. дисс..докт. ист. наук. Москва. 1978.
  14. Заднепровский Ю.А., Матбабаев Б.Х. Городище Мархамат (некоторые итоги изучения) //В кн.: ИМКУ вып-25. – Т.,1991.
  15. Козенкова В.И. Археологические работы в Андижанской области в 1956 г.// КСИИМК. Вып.76. 1959.
  16. Матбабаев Б. Қадимги Фарғонада илк давлатчилик илдизлари//Ўзбекистон тарихи. №1. 2002.
  17. Матбабаев Б.Х. и др. Отчет Узбекско-Китайской совместной археологической экспедиции о проделанных работах на городище Мингтепа в 2012 году. Самарканд. Архив ИА АН РУз. 2013.
  18. Матбабаев Б.Х., Машрабов З.З. Древний и средневековый Андижан (историко-археологическое исследование). Ташкент. 2011.
  19. Матбобоев Б.Х. Фарғонанинг қадимги шаҳарларини жойлашган ўрни муаммолари. ОНУ. 1995. №9.
  20. Матбабаев Б.Х. Раннесредневековая культура Ферганы (на основе исторического анализа археологических источников V-VIII вв.). Автореф. докт. дисс. Самарканд,
  21. Матбобоев Б.Х., Умматов А. Мингтепадан топилган қадимий ноёб тасвирий санъат асари // Моддий-маънавий мерос ва умумбашарий қадриятлар. Илмий мақолалар тўплами. Тошкент, 2019.
  22. Ремпель Р.И. Архитектурный орнамент Узбекистана. Ташкент, 1961.
  23. Хўжаев А. Хитой манбаларида “Эрши” топоними ҳақида // Турон тарихи. №1.Тошкент. 2011.

“ВОДИЙНОМА” журнали

2019 йил 3 август

 

Б.Х.МАТБОБОЕВ МАҚОЛАСИГА РАСМЛАР

1. АҚШ Пенсильвания университети музейи.

Хан сулоласи даврига оид тош лавҳа.

Фарғоналик суворий тасвири.

 

 

2. Мингтепа яқинидаги Сурати қоятош расмлари

(Қирғизистон Республикаси). Қадимги Фарғона Давань самовий тулпорлари.

 

3. Қадимги Фарғона Давань подшолиги даврига оид сопол идиш

(мил. авв. IVI асрлар).

4. Қадимги Фарғона Давань подшолиги даврига оид сопол идиш

(мил. авв. IVI асрлар).

 

5. Қадимги Фарғона Давань подшолиги даврига оид сопол идиш

(мил. авв. IIмилодий I асрлар).

 

Post Author: admin