МИНГТЕПАНИНГ АСЛ ФАРЗАНДЛАРИ

Апрел ойи Мингтепаники. Аниқроғи Мингтепанинг тепаликлариники. Чунки бу ойда адабиётшунос олим Умарали Норматовнинг таъбири билан айтганимизда Мингтепанинг бир минг биринчи тепалиги – дилбар шоир Муҳаммад Юсуф таввалуд топган. Бу ойда яна Мингтепанинг бир минг иккинчи тепалиги – замонамизнинг мумтоз ёзувчисига айланиб улгурган Улуғбек Ҳамдам туғилган.
Апрел ойида шоиримизнинг минглаб мухлислари қабри устидаги лолақизғалдоғу райхонларга, Ҳизир ариқ бўйидаги ялпизларга ва пастаккина уйига таъзим қилгани келар эдилар. Улуғбек мухлислари асарларининг қаҳрамонлари – Марҳаматнинг улуғларини зиёрат қилгани келар эдилар. Келадилар, келаверадилар. Ватанни куйловчи, маънавиятни юксалтирувчи, юракларни ҳапқиртирувчи шеърлар айтилаверади, қўшиқлар янграйверади. Фақат бу йилгиси онлайн тарзида бўлмоқда. Маънавият кишилари ҳар хил жойда, лекин қалблари Марҳаматда.
Апрелда шу икки забардаст ижодкорлар сабабли Мингтепада адабиёт, зиёрат туризми авжга чиқар эди. Яна авжига чиқаверади. Чунки апрел ойи Мингтепаники!
Айнан апрелда шоиримизни руҳини шод қилгани, ёзувчимизга бизларнинг образларимизни тарихга мухрлаётганлиги учун миннатдорчилик билдиргани таъзимдамиз!
Ҳар баҳор, ҳар апрелда туман марказидаги “Турон ўқувчи ёшлар ва ногиронлар ўқув ишлаб чиқариш маркази” НТМнинг “Маънавият боғи”да шоирни эслаб халқ сайили ўтказар эдик. Қуйида фотосуръатлар орқали анъанавий сайилдан айрим дақиқаларни эсладик.

Post Author: admin